Тошкентда нуфузли халқаро ташкилот – АCCА (Сертификатланган бухгалтерлар ассоциацияси) ташаббуси билан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бош ҳомийлигида “Uzbekistan Future SFO” (Бўлажак молиявий директор) танлови бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг 30 та етакчи олий таълим муассасаси талабалари иштирок этишди.


Турли шартлар орқали қатнашчиларнинг бухгалтерия, молия ва солиқ йўналишларидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда илк бор, Марказий Осиёда эса иккинчи марта ўтказилди.»Бизнесни ривожлантириш банки»нинг мазкур лойиҳадаги иштироки банкнинг илм-фан ривожига ҳисса қўшиш, ёшларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш борасидаги эзгу интилишларини ифодалайди.


Танлов якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган 8 нафар талаба банкда 3 ойлик амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди.

АCCАнинг Марказий Осиёдаги расмийлари ўз навбатида, “Ўзбекистоннинг бўлажак молиявий директор” миллий танловининг Бош ҳомийси сифатидаги фаол иштироки ва беқиёс ҳиссаси учун “Бизнесни ривожлантириш банки”га алоҳида миннатдорлик билдириб, махсус сертификат билан тақдирлади.“Банкнинг ёш молия мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда бухгалтерия ва молия касбининг ривожига қўшган ҳиссангиз юксак қадрланади”, – дейилади АCCА ахборотида.

Банк ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan